Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти

370716       0

Янгилик ва эълонлар

       

Ёш чегарачилар янги ўқув йилини янги бинода қарши олди

Термизда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Сурхондарё вилояти нуронийлари, истеьфодаги чегарачилар, ҳарбий хизматчилар, ҳарбий академик лицей ўқитувчилари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тантанали тадбирда мустақиллик йиллари она Ватанимиз суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир Миллий армиямиз шакллангани таъкидланди. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Халқ ва армия – бир тану, бир жондир”, деган эзгу ғоя асосида ёшларни ватанпарварлик рухида тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор тинч, тўкин Янги Ўзбекистонни барпо этишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Президентимиз ташаббуси билан жойларда ташкил этилаётган ҳарбий мактаб ва академик лицейлар мард, жасур, Ватанга содиқ ёшларни камолга етказишда муҳим омил бўлиб, ёш авлоднинг ҳарбий соҳага қизиқиш ва интилишини кучайтирмоқда.

Давлат Хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи ҳам ёшларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. 

Таълим муассасаси 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, уни бунёд этиш ва жиҳозлаш учун 62,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кенг, ёруғ ўқув ва машғулотлар хоналари, фан кабинетлари, лабораториялар замонавий усулда жиҳозланди. Барча қулайликларга эга ётоқхона, ошхона, спорт зал, спорт майдони, 10 минг 460 дан ортиқ китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази, маънавий-маърифий хоналар барпо этилди. Вилоят ҳокимлиги иккита автобус, иккита енгил автомашина ҳамда ўқув машғулотлари учун битта “ISUZU” юк машинаси туҳфа қилди. 

Айни пайтда лицейда 200 дан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 100 нафари жорий йилда жисмоний, психологик ва ёзма иш ҳамда давлат тест марказининг синовлари орқали қабул қилинди. Ўқувчиларга аниқ ва ижтимоий фанлар чуқурлаштирилган тартибда ўқитилади.

Мамлакатимизда ягона ҳарбий-академик лицей ўқувчилари таълим даргоҳи иш бошлаган ўтган ўқув йилиданоқ яхши натижаларга эриша бошлади. Шунингдек, қатор иқтидорли ўқувчилар таълим жараёнларини пухта ўзлаштириб, бошқа тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. Жумладан, Жасурбек Рўзиев жорий йил март ойида “Темурбеклар мактаби” ва “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” мавзуидаги республика иншолар танловида 33 нафар даъвогар ўртасида фахрли учинчи ўринни қўлга киритди. 

–Болаликдан ҳарбий бўлиб, сарҳадларимизни қўриқлашни орзу қилар эдим, – дейди лицейнинг иккинчи босқич ўқувчиси Жасурбек Рўзиев.– Шу мақсадда мактабда аъло баҳоларга ўқиб, жисмонан чиниқдим. Ўтган йили янги ташкил этилган лицейга ҳужжат топшириш иштиёқи пайдо бўлди. Барча саралаш босқичларидан ўтиб, таълим муассасасига қабул қилиндим. Бу ерда бизга энг тажрибали, моҳир ўқитувчилар ҳарбий касбий таълим йўналиши бўйича амалий ва назарий билим бермоқда. Бу бизнинг фан сирларини чуқур ўрганимизда муҳим ўрин тутмоқда. Янги бинода эса таълим сифатини янада ошириш учун барча замонавий қулайликлар яратилган.

Мамлакатимизда ёш авлодни чегара хизматига қизиқтириш ва уларнинг Ватан ҳимоясига ҳамиша шай туриши учун уч босқичли кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. Шунга мувофиқ биринчи босқичда юртимизнинг чегара олди ҳудудларида “Ёш чегарачилар” клублари ташкил этилиб, улар билан ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда. Иккинчи босқичда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейида тажриба ва маҳорат ошираётган бўлса, учинчи босқичда Амир Темур номидаги ДХХ ва Қуролли Кучлар академиялари ҳамда нуфузли олий таълим муассасаларида ўқиш имконияти яратилган.

–Таълим муассасамизда ўқувчиларнинг назарий ва амалий машғулотларни пухта ўзлаштириши учун ахборот технологиялари бўйича ўқув синфлари ҳам мавжуд, – дейди лицей директорининг биринчи ўринбосари, подполковник Абдуғани Менглиқулов.– Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди хоналари, лабораториялар, хорижий тиллар, мусиқа, спорт каби тўгараклар фаолият юритмоқда. Ҳозир бу ерда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тест синовлари асосида қабул қилинган ёшлар билим олмоқда.

Тантанали маросим якунида тадбир иштирокчилари уч қўшни давлат билан чегарадош ҳудуддаги таълим муассасасида яратилган замонавий шароитлар билан танишди.

–Ўғлим Улуғбек ўтган йили шу лицейда ўқиш истаги борлигини айтиб қолди, – дейди Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Галабек маҳалласида яшайдиган Бахтигул Нормаматова. – У барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқувчилар сафидан ўрин олганида қувончимнинг чеки йўқ эди. Ахир, она учун фарзандининг камолотга йўл олишини, яна ҳам ҳарбий либос кийишини кўришдан ортиқ бахт борми? Биз, ота-оналар бу ерда фарзандларимиз учун яратиб берилган шароитларни кўриб, янада суюндик. Аъло баҳоларга ўқиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши ва ҳар тарафлама тобланиб, юртни турли таҳдидлардан ҳимоя қиладиган мард, жасур ўғлонлар бўлиши учун барча замонавий қулайлик мавжуд. Фарзандларимизга бундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тантанали маросимда муҳташам бинони барпо этган қурувчилар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ўтган ўқув йилида эришган аъло натижалари Муҳаммаджон Эшмурадов ва Жасурбек Рўзиевга “Аълочи ўқувчи” кўкрак нишони топширилди. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар кўргазмали чиқишлари, ДХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамблининг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди. 

Лицейда илк машғулотлар “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” мавзуига бағишланган дарслар билан бошланди. 

Тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Т.Боболов, Давлат Хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари – Чегара қўшинлари қўмондони, генерал-майор С.Хусанов иштирок этди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА

 

 


Изоҳ қолдириш

Янгиликлар канали

https://t.me/termizshh

Мурожаатлар учун

https://t.me/TermizSh_bot

Телеграм Бот

https://t.me/TermizSh_bot

Facebook

https://fb.com/termizshahar.hokimi

Фуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси

+(76)224-16-40

+(76)224-23-36

Йил дастури
2024
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ

Воқеалар

ДуСеЧоПаЖуШаЯк
Рўйхатдан ўтиш
login:
Password:
Паролни сақлаш
6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сўров ўтказиш
Сайт ҳақида фирингиз?
Натижани кўриш
Валюта курслари