Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти

656996       0

Янгилик ва эълонлар

       

Аҳолини рўйхатга олиш
Аҳолини рўйхатга олиш — келажак сари янги қадам
Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотларҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади. Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади. Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.
БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади. Афсуски, юртимизда мустақилликдан сўнг кенг кўламда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Шу боис, мамлакатимизда илк бор 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Аҳолини рўйхатга олиш мамлакат ҳудудида миллати, элатидан қатъий назар барча инсонларни бирлаштирадиган умуммиллий тадбир бўлиб, унинг ўтказилишидан барчамиз, сиёсий қарашларимиз ва ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар бирдек манфаатдормиз. Боиси, мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг сони (2021 йил 1 январь ҳолатига республика аҳолиси 34 558,9 минг киши ташкил этган), фуқаролиги, никоҳ ҳолати яъни расмий никоҳ, норасмий никоҳ ёки эрта никоҳ, одамларимизнинг таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус ёки олий), яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони,уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади.
Нега 10 йилда бир марта?
Дунё бўйлаб минг йиллар давомида ўтказиб келинаётган аҳолини рўйхатга олиш тадбири илк бор эрамиздан аввалги 3800 йилларда бобилликлар томонидан ўтказилганига тарихий ишоралар бор. Ҳар 6 ёки 7 йилда ўтказилган бундай тадбирларда аҳоли ва чорва сони, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ҳисобга олингани ҳақида тарихий манбаларда айрим маълумотлар сақланиб қолган.
Қадимги Миср, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония, Вавилон, Грециява Юнонистон давлатларида эсааҳолини рўйхатга олиш тадбирлари солиқ тўловчилар ва ҳарбий хизматга яроқли аҳоли сонини билиш мақсадида ўтказилган.Шунингдек, шаҳарлардаги ерлар ва хўжаликлар, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ҳамда улар билан бирга аҳолини статистик ҳисобга олишнинг турли шакллари мавжуд бўлган.
Аҳолини мунтазам рўйхатга олиш тарихи 1790 йилга бориб тақалади. Ўшанда АҚШда, 1801 йилда эса бир вақтнинг ўзида Англия, Шотландия, Франция, Дания ва Норвегияда шундай тадбирлар ўтказилган.Бироқ улар ҳали мукаммал бўлмагани ҳолда, узоқ вақт давомида аниқ бир вақтга боғлиқ бўлмаган, белгиланган қоидаларга амал қилинмаган тарзда олиб борилган.
1846 йилда йирик статистик олим Адольф Кетл (1796-1874) бошчилигида Бельгияда ўтказилган рўйхатга олиш биринчи чинакам илмий рўйхатга олиш дея эътироф этилади. Унинг ўзига хослиги шундаки, рўйхатга олиш муддати бир кунлик бўлиб, ҳақиқатда мавжуд аҳоли ҳисобга олинган. Мазкур рўйхатга олиш тажрибасидан кейинчалик, Европанинг кўплаб давлатлари фойдаланган.1870-1879 йилларда дунё бўйича атиги 48 та давлатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган бўлса, ХХ аср охирига келиб, деярли барча давлатлар ўз аҳолисини рўйхатга олишга киришди.
Бугунги кунда БМТ дунё мамлакатларини ҳар 10 йилда камида бир маротаба ўз аҳолисини рўйхатга олишга даъват этади. Шу важдан, аксарият мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳар 10 йилда бир маротаба ўтказилади. Хўш, нега айнан 10 йилда бир марта? Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта. Аввало, 10 йил ичида жамиятда салмоқли ўзгаришлар рўй беради.Аввалги рўйхатга олиш усуллари самарадорлиги сезиларли даражада камайиши сабабли, сўровномалар мазмунига тузатишлар, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш усулларига замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.
2015 йилда БМТнинг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилиниб, 2020 йил раундига старт берилган эди. Бу раунд 2015 йилдан 2025 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ўзбекистон ҳам ўз аҳолисини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни режалаштирган давлатлар қаторидан жой олди ва дунё халқлари бўйича 228 чи бўлиб БМТ томонидан рўйхатга олинди. Бироқ коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши кўплаб ҳолатлар сингари аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Аксарият мамлакатларда бу тадбирларнинг муддати ўзгартирилди.
Юртимизда ҳам 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023 йилнинг 1-25 ноябрь кунларига кўчирилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан мустаҳкамланди. Шунингдек, мазкур қарор билан 2021 йилнинг 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.
Фуқароларда давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига
таъсир этиш имконияти вужудга келади
Аҳолини рўйхатга олиш, аввало, давлат ёки ҳукумат эмас, балки жамиятнинг ўзи учун зарур бўлиб, у вақти-вақти билан ўз-ўзини кўзгуда кўриш орқали ривожланиш натижаларини баҳолаш имкониятидир. Рўйхатга олишда қатнашаётган ҳар бир фуқаро ўзи ҳақидаги маълумотларни тақдим эта туриб, ўзлари мансуб бўлган кишилар гуруҳига тегишли ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади.
Мисол учун, ишсизларнинг сўровномадаги жавоблари меҳнат бозорини ўрганиш ва айнан керакли жойда янги иш ўринлари яратиш имконини берса, болалар сони тўғрисидаги маълумотлар мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва шу каби муассасалар қурилиши режаларини тузишда қўл келади.Ёш ҳақидаги маълумотлар пенсияга чиқадиганлар сони, уларнинг пенсия тўловлари учун зарур бўладиган маблағларни жамғариб бориш имконини беради. Ҳар йили мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари ёки олий таълимга қабул қилинадиган ёшлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам худди шундай шаклланади. Яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар эса ҳар биримизнинг уйимизгача келадиган йўллар қурилиши, коммуникациялар билан таъминлашни режалаштириш учун зарур.
Мамлакатимизда синов тариқасида жорий йилдан бошланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари 2023 йилда ўтказиладиган рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўришнинг муҳим босқичи ҳисобланади.Мазкур амалиёт услубий, техник ва ташкилий масалаларни қайта кўриб чиқиш имконини бергани боис, унда қанча кўп респондентлар (аҳоли) қатнашса, шунча кўп камчиликларни аниқлаш ва тузатишга шароит туғилади ва республика даражасида бўладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирининг сифатли ва самарали ўтказилиши таъминланади.
Мазкур ишларни сифатли ташкил этиш мақсадида жойларда махсус гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, жараёнлар аниқ ва тизимли йўлга қўйилади. Рўйхатга олувчилар ишини мувофиқлаштириш учун ҳар бир инструкторлик участкасида 1 нафар инструктор ва 1 нафар стационар рўйхатга олувчи фаолият юритади. Уларнинг ишини рўйхатга олиш участкаси ходимлари назорат қилади.
Яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентларинструкторлик участкасида фаолият юритувчи стационар рўйхатга олувчи ходимларга мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишларимумкин бўлади.Туман ва шаҳар миқёсида аҳолини рўйхатга олиш ишларини назорат қилиш учун ҳудудларда аҳолини рўйхатга олиш бўлимлари ташкил этилади. Жараён якунига етказилгандан сўнг ҳудудий статистика бошқармалари қошида Аҳолини рўйхатга олишнинг бирламчи маълумотларини электрон базага киритиш марказлари ташкил этилади.
Ушбу тадбирларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, улар орқали нафақат ўзимиз, балки келажак авлод учун муҳим маълумотларни тўплашга эришамиз. Аҳолини рўйхатга олиш натижалари мамлакатимизнинг кейинги демографик ва ижтимоий сиёсатини белигилаш билан бирга, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари ҳамда дастурларини тузишда кенг қўлланилади.Кейинги ўн йилликка мўлжалланган оилаларни қўллаб-қўвватлашга қаратилган ижтимоий дастурларни шакллантириш, шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар ва уй-жой қурилишини режалаштиришда фойдаланилади.
Рўйхатга олиш натижасида шакллантириладиган мамлакатдаги иш берувчилар ҳақидаги маълумотлар хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва рағбатлантиришга йўл очади. Бизнес вакиллари рўйхатга олиш маълумотлари орқали меҳнат ҳамда истеъмол бозорининг ҳолатини баҳолаш, талаб ва таклифлар эҳтиёжини аниқлаш имконига эга бўлади.Бир сўз билан айтганда, аҳоли тўғрисида тўпланадиган маълумотлар барча соҳаларни ривожлантириб, мамлакатни янада тараққий эттиришга, жаҳон майдонида Янги Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини акс эттирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

 


Янгиликлар канали

https://t.me/termizshh

Мурожаатлар учун

https://t.me/TermizSh_bot

Телеграм Бот

https://t.me/TermizSh_bot

Facebook

https://fb.com/termizshahar.hokimi

Фуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси

+(76)224-16-40

+(76)224-23-36

Йил дастури
2024
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ

Воқеалар

ДуСеЧоПаЖуШаЯк
Рўйхатдан ўтиш
login:
Password:
Паролни сақлаш
4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сўров ўтказиш
Сайт ҳақида фирингиз?
Натижани кўриш
Валюта курслари