Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти

336752       0

Янгилик ва эълонлар

       

Гендер тенглик: Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар таъминланиш асослари

Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида нутқ сўзлади. Ўзбекистон Президенти ушбу чиқишининг тарихий аҳамияти шундан иборатки, БМТ тарихида илк маротаба мустақил Ўзбекистон раҳбари ўзбек тилида нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишлари, хусусан гендер тенглик масаласи ҳақида алоҳида фикр юритди.
Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бугунги кунда дунё ҳамжамияти хотин-қизларнинг инсоният тараққиётида ўрнини тўғри англаган ҳолда халқаро механизмларни яратишга ҳам ҳаракат қилмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрь куни “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциянинг қабул қилингани фикримизнинг далилидир.
Хусусан, мамлакатимизда ҳам гендер тенгликни таъминлашга оид халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни миллий қонунчиликка уйғунлаштириш орқали мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилаётганлиги, хотин-қизларнинг эркаклар билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлишининг, оналик ва болалик билан боғлиқ давлат сиёсати юритилаётганлиги, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини кучайтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш билан боғлиқ олиб борилаётган ишлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.
Ўзбекистон хотин-қизлар масалаларига оид халқаро мажбуриятларини виждонан бажаришга ҳаракат қилмоқда. Давлатимиз томонидан “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциянинг аъзоси сифатида миллий қонунчиликка унинг нормаларини уйғунлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда бу борада муҳим қадамлар қўйилди. 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда аёлларни жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишни тақиқланишига алоҳида урғу берилган. Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда эса оиладаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш, уларга бошпаналар ажратиш, ишонч телефонлари ва нафақат жисмоний зўравонлик, балки психологик ёки иқтисодий жиноятлар бўйича мажбурий жавобгарликка тортиш орқали аёлларни ҳимоя қилиш учун асосдир. Бундай чоралар, хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича идоралари томонидан узоқ вақт давомида тавсия қилиб келинган эди.

Фақатгина 2019 йилда жойларда 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ташкил этилди. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Оғир турмуш шароитида яшаётган 1454 нафар хотин-қизнинг уй-жой учун бошланғич бадали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан тўлаб берилди ҳамда ушбу мақсадларга 25 млрд. 194 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, бундай тоифадаги 13 мингдан зиёд аёлларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланди.
Бандлик дастурига мувофиқ 250 мингдан ортиқ хотин-қизлар иш билан таъминланди. Сиёсий ва ҳуқуқий билимли, инновацион ғояларга ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлардан иборат 6 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда гендер тенгликка эришишда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш, шу орқали оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал даражадаги ёш авлодни вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг гарови ҳисобланади.

 

Сурхондарё вилоят суди судьяси З.Э.Мавлонов


Изоҳ қолдириш

Янгиликлар канали

https://t.me/termizshh

Мурожаатлар учун

https://t.me/TermizSh_bot

Телеграм Бот

https://t.me/TermizSh_bot

Facebook

https://fb.com/termizshahar.hokimi

Фуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси

+(76)224-16-40

+(76)224-23-36

Йил дастури
2024
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ

Воқеалар

ДуСеЧоПаЖуШаЯк
Рўйхатдан ўтиш
login:
Password:
Паролни сақлаш
3 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сўров ўтказиш
Сайт ҳақида фирингиз?
Натижани кўриш
Валюта курслари