Термиз шаҳар ҳокимлиги расмий-веб сайти

430584       0

Тадбирлар

       

“БЎЛАРКАНУ ТОШКЕНТГА БОРМАЙ, ТЕРМИЗДА ҲАМ ДАВОЛАНСА...”

Сурхондарёда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси сабабли бемор даволаниш учун узоқ йўл босиб, Тошкентга боришига ҳожат қолмади. Аксинча, шифокорларнинг ўзи Термиз шаҳрига, беморлар ҳузурига келди.

Бугун давлатимиз томонидан ана шундай юртдошларимизга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, саломатлигини тиклаш учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлган очиқ мулоқотида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Сурхондарё вилоятида бошланган соғломлаштириш акцияси айни шу мақсадларни кўзда тутади.

Акция доирасида шу кунларда вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати ўтказилган ана шундай операциялар туфайли яна соғлом ҳаётга қайтган бир неча беморлар билан суҳбатлашди.

“Пойтахтга бормасанг, тузалмайсан дейишганди...”

Термиз шаҳар Саховат маҳалласида яшайдиган 64 ёшли Рўзиҳол Хожиеванинг кўкрак қафасида бундан тўрт ой аввал тўсатдан кучли оғриқ пайдо бўлди. Шундан кейин бир неча тиббиёт муассасасида даво муолажаларини олди. Бироқ кутилган натижа бўлмади. Бу орада эса бемор хасталик туфайли 30 килограммга яқин вазн йўқотди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган сўнгги текширувлардан сўнг унда оғир касаллик — диафрагма чурраси аниқланди. Дастлаб консерватив йўл билан даво усуллари олиб борилди. Аммо охир-оқибатда шифокорлар онахонни операция қилиш лозим, деган хулосага келишди.

Энг асосийси, Сурхондарёда ўтказилаётган соғломлаштириш акцияси сабабли бемор даволаниш учун узоқ йўл босиб, Тошкентга боришига ҳожат қолмади. Аксинча, шифокорларнинг ўзи Термиз шаҳрига, беморлар ҳузурига келди.
Яна бир қувонарли жиҳати, воҳада бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти илк бор ўтказилди.

— Кўпчилик танишларим “Пойтахтга бормасанг, тузалмайсан”, дейишганди, бироқ кўриб турганингиздек, оғир хасталикдан шу ернинг ўзида халос бўлдим, — деди Рўзиҳол опа. — Бўларкан-ку, Тошкентга бормай, Термизда ҳам даволанса. Бунинг учун шифокорларимизга, соғломлаштириш акциясининг ўтказилишига сабабчи бўлган барча инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман.

“90 ёшимда Яратган менга янги ҳаёт берди”

Бойсунлик 90 ёшли Норхол момо бошига тушган барча синовларни сабр билан енгиб ўтди. Бироқ бир неча йил аввал оғир дардга таслим бўлди. Касаллик кекса беморни тўшакка михлади.

Аввалига Норхол момо бошқа хасталик бўлса керак, деб турли муолажалар олиб юрди. Аммо фойдаси бўлмади. Аксинча, дарди янада зўрайди.
Яқинда ўтказилган тиббий текширувлардан сўнг унда коксартроз касаллиги аниқланди. Шифокорлар беморда мураккаб операция ўтказиш лозимлиги, бу амалиёт эса жуда қиммат эканлигини айтганида яқинларнинг иложсизликдан боши қотди. Сурхондарё вилоятида бошланган саломатлик акцияси эса уларнинг қалбига яна ёруғлик олиб кирди.

— Афсуски, бу касалликни деб узоқ йил азоб чекдим, — деди Норхол момо Ғаффорова. — Ўрнимдан туролмай, ҳаракатланишга қийналиб яшаётган кунларимнинг бирида пойтахтдан вилоятимизга малакали жарроҳлар келгани, улар мени шу ернинг ўзида бепул операция қилишини айтганида ишонгим келмади. Бироқ ҳаммаси рост экан. Оғир кунимда давлатимиз менга суянч ва далда бўлди. Ҳозир аҳволим яхши. Тўқсон ёшимда Яратган менга яна ҳаёт берганидан хурсандман.

“Ўз оёғим билан фарзандларим олдига юриб борсам дейман...”

45 ёшли Ўрол Абдураҳмонов — Бандихон тумани Обод турмуш маҳалласидан. 3 нафар фарзанди бор. Бундан бир неча ой аввал қишлоқда бўлган улоқ чопиш мусобақаси унга анча қимматга тушди. Ўша куни у ўнг оёғидан жиддий жароҳат олиб, бутунлай юролмай қолди.
Охирги марта ўтказилган тиббий текширувлардан сўнг уни қийнаётган дард суяк емирилиши касаллиги экани, даволаниш учун эндопротезлаш амалиёти зарурлиги, бу операция эса жуда қиммат бўлиб, фақат Тошкентда қилиниши маълум бўлди.

— Очиғи, ўша пайт қаттиқ тушкунликка тушиб қолдим, — деди Ў. Абдураҳмонов. — Ҳатто, энди юра олмасам керак, деб ўйладим. Чунки
моддий аҳволим ўзимга аён. Пойтахтга бориш қаёқда дейсиз, ҳатто маҳаллий шифохоналарда даволанишга ҳам қурбим етмасди. Бундай
ноёб операция учун катта маблағ тўлашни-ку гапирмай қўяқолинг.

Шукр, ҳаммаси ортда қолди. Ҳозир аҳволим яхши. Шифокорларнинг айтишича, тез кунда яна юра олар эканман...
Сурхондарёда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси давомида дардига дармон топаётган бундай беморлар сафи кенг.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, тадбир доирасида ҳозиргача вилоятда 100 нафарга яқин оғир беморда давлат ҳисобидан мураккаб операциялар ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

 


Изоҳ қолдириш

Янгиликлар канали

https://t.me/termizshh

Мурожаатлар учун

https://t.me/TermizSh_bot

Телеграм Бот

https://t.me/TermizSh_bot

Facebook

https://fb.com/termizshahar.hokimi

Фуқоролар мурожаатлари бўйича шаҳар хокимлиги бош мутахассиси

+(76)224-16-40

+(76)224-23-36

Йил дастури
2024
ЁШЛАР ВА БИЗНEСНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЙИЛИ

Воқеалар

ДуСеЧоПаЖуШаЯк
Рўйхатдан ўтиш
login:
Password:
Паролни сақлаш
1 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
Сўров ўтказиш
Сайт ҳақида фирингиз?
Натижани кўриш
Валюта курслари